ТОШКЕНТ, 18 фев — Sputnik. Хитой Қўшма Штатлардан ҳаво шари билан боғлиқ муаммони хотиржам ва профессионал тарзда ҳал қилишни сўради, аммо Вашингтон уни қирувчи ракеталар билан уриб туширишга қарор қилди. Бу ҳақда Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси ташқи ишлар комиссияси девонхонаси раҳбари Ван И Мюнхен хавфсизлик конференциясида маълум қилди, дея хабар берди РИА Новости.
“Биз Америка Қўшма Штатларига ушбу учувчисиз ҳаво шари фуқаролик эканлиги, унинг ўзини ўзи бошқариш имкониятлари чекланганлиги ва ғарбий шамол таъсирида йўналишдан четга чиқиб, Қўшма Штатларга келиб қолганини жуда аниқ тушунтирдик”, дейди Ван И.
Унинг сўзларига кўра, АҚШдан Хитой томони билан маслаҳатлашувлар асосида буни хотиржам ва профессионал тарзда ҳал қилиш сўралган. Лекин, АҚШ бу фактларни эътиборсиз қолдириб, ҳаво шарини ракеталар билан уриб тушириш учун илғор қирувчилардан фойдаланди.
Унинг қўшимча қилишича, “бу 100% ваколатни суиистеъмол қилиш ва оддий халқаро амалиётни бузишдир”. Ванг И дунё бўйлаб турли мамлакатларга тегишли кўплаб шарлар учаётганини таъкидлаб, "ҳаммасини уриб туширмоқчимисиз?”, дея қайд этди.
"Биз АҚШни ички муаммолардан эътиборни чалғитиш учун бундай бемаъни ишларни қилмасликка чақирамиз", - дея қўшимча қилди дипломат.