Қозоғистонда қамоққа маҳкум қилинган Ўзбекистон фуқаролари жазони ўз ватанида ўташи мумкин

Тоқаев Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги маҳкумларни топшириш бўйича битимни тасдиқлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Қозоғистон президенти Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги маҳкумларни топшириш бўйича битимни тасдиқлади. Бу ҳақда Sputnik Қозоғистон хабар берди.
Қайд этилишича, Қасим-Жомарт Тоқаев “Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги қонунни имзолади.
Мазкур ҳужжат, агар маҳкумнинг ўзи истак билдирса, озодликдан маҳрум қилишнинг кейинги муддатини ватанида ўташ имконини беради.
Қайд этилишича, бугунги кунда Қозоғистонда 486 нафар Ўзбекистон фуқароси жазо муддатини ўтамоқда. Ўзбекистон қамоқхоналарида 20 нафар қозоғистонлик бор.
Аввалроқ Қозоғистон Бош прокурори ўринбосари Асет Чиндалиев кўп ҳолларда бошқа давлатда жазо ўтаётганлар тилни, маҳаллий урф-одатларни билмаслигини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, яқинлар ва дўстлардан узоқда бўлган бундай инсоннинг жамиятга мослашиши қийин. Оила билан мулоқот, яқинлари билан учрашиш, шубҳасиз, маҳкумга ижобий таъсир кўрсатади.