“Ўзбекгеофизика” АЖ Россия компанияси билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди

“Промперфоратор” компанияси 21 йилдан буён нефть ва газ қудуқларида отиш-портлатиш тизимларини яратиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. “Ўзбекгеофизика” АЖ ҳамда Россиянинг “Промперфоратор” компанияси билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Геология департаменти, Конларни ишлатиш департаменти, нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари мутахассислари, “Ўзбекгеофизика” АЖ қудуқларни синаш ва отиш ишларини олиб боришда қўлланиладиган ускуналарни ишлаб чиқариш бўйича кўп йиллик тажрибага эга бўлган Россиянинг “Промперфоратор” компанияси мутахассислари билан технологик-илмий учрашув ўтказилган.
Учрашув давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2023 йилда нефть ва газ геология қидирув ишлари доирасида янги бурғиланадиган қудуқларнинг маҳсулдорлигини янада ошириш, янги синаш ишлари учун ишлатиладиган ускуналар ва уларни иш жараёнида қўллаш, геология қидирув ишларида режалаштирилган чора-тадбирларнинг самарасини ошириш каби масалаларда кўп томонлама ҳамкорликда ишлашга келишилган.
Шунингдек, учрашув якунида “Промперфоратор” компанияси томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда “Ўзбекгеофизика” АЖ мутахассислари синов ишларида қўлланиладиган махсус ускуналарни ишлаб чиқариш ҳамда синаш жараёнлари билан бевосита танишиш мақсадида компания заводларига таклиф қилинган.
Маълумот учун, “Промперфоратор” компанияси 21 йилдан буён нефть ва газ қудуқларида отиш-портлатиш тизимларини яратиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ушбу компаниянинг Ўзбекистондаги кўп йиллик ҳамкори “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг геофизик-тадқиқот ва отиш-портлатиш бўйича пудратчиси “Ўзбекгеофизика” АЖ ҳисобланади.