ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Иккита Ту-95М стратегик ракета ташувчисининг Беринг денгизининг нейтрал сувлари устидан парвози Украинага қурол-яроғ юборилиши туфайли Ғарб учун даҳшатли сигнал бўлди. Бу ҳақда шарҳловчи Уилл Стюарт The Sun нашрида маълум қилди, дея хабар берди РИА Новости.
"Россиянинг “Медведь” ядровий бомбардимончи самолётлари Аляска яқинида парвоз қилмоқда, Путин эса яна бир НУЖ уриб туширилгандан кейин АҚШни масхара қилмоқда”, — дейилади мақолада.
Россия, Украина можароси бошланишидан олдин ҳам, давлатлар чегаралари яқинида ҳаво патрулларини кучайтирди. Шундай қилиб, сўнгги йилларда парвозлар сони олти баробар ошди, дея хулоса қилди нашр.
Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги иккита Ту-95МС стратегик ракета ташувчиси Беринг денгизининг нейтрал сувлари устида режалаштирилган етти соатлик парвозни амалга оширгани ҳақида хабар берган эди.
Қайд этилишича, ракета ташувчилар Шарқий ҳарбий округ Ҳарбий ҳаво кучлари ва Ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмасининг Су-30 қирувчи самолётлари томонидан кузатилган.
Мудофаа вазирлиги узоқ масофали авиация учувчилари мунтазам равишда Арктика, Шимолий Атлантика, Қора ва Болтиқ денгизлари ва Тинч океанининг нейтрал сувлари устидан учиб ўтишини эслатди. Барча маневрлар ҳаво ҳудудидан фойдаланиш бўйича халқаро қоидаларга қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади.