ТОШКЕНТ, 14 фев — Sputnik. Тошкент вилоятининг Қибрай ва Янгийўл туманларида гулчилик марказлари ташкил этилмоқда. Бу ҳақда вилоят матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур марказлар гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини ривожлантириш, шу жумладан, гул етиштиришда аҳоли билан кооперация усулида фаолият олиб бориш ҳамда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилади.
Марказларда ишсиз фуқаролар гулчилик соҳаси, яъни, ландшафт дизайн, гулчилик селекцияси ва кўчатчилик йўналишларида ўқитилади. Шунингдек, гулчиликнинг замонавий турларига асос солиниши ва гул етиштириш ва сотишда нафақат ички бозор, балки экспортбоп навларни яратиш ҳам режалаштирилган.
Қайд этилишича, Янгийўл туманининг "Дархон" маҳалласида 399 та хонадон мавжуд. Уларнинг 315 таси иссиқхоначилик билан шуғулланади. Шундан 215 таси гулчиликка ихтисослашган.
Ушбу маҳалла фуқароларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришлари учун 10 ва 20 сотихдан ер ажратиш режа қилинган. Маҳалла ҳудудида 2 гектардан зиёд ер майдонида гулчилик маркази ташкил этиш йўлга қўйилди.
Қибрай туманида фаолият олиб бораётган "Agro Light Business" гулчилик кластерида Туркия ҳамда Голландия давлатининг мутахассислари билан биргаликда атиргул, лола каби гуллар етиштирилмоқда.
Ўтган йилнинг ўзида Россия ҳамда Қозоғистон давлатларига 220 минг долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган.