ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik. Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форуми якунлари бўйича Туркистон декларацияси қабул қилинди. Бу ҳақда Sputnik Қозоғистон хабар берди.
Ҳужжатда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва Марказий Осиёнинг ўзига хос ягона маданий-тарихий маконини шакллантиришга қаратилган парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари ўз аксини топган.
Декларацияда парламентларнинг иқтисодий, ижтимоий, сув-энергетика, транспорт, логистика, туризм, маданий-гуманитар салоҳиятни ҳар томонлама ривожлантириш учун ҳуқуқий асос яратиш, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари халқларининг фаровонлиги ва турмуш сифатини оширишдаги конструктив роли алоҳида таъкидланган.
Форумда парламент аъзолари ҳудудлараро, трансчегаравий ҳамкорликни кенгайтириш ва трансчегаравий сайёҳлик йўналишларини ривожлантиришга кўмаклашиш учун минтақа давлатларининг маҳаллий вакиллик органлари ўртасида яқин алоқаларни ўрнатиш масаласини ҳам кўриб чиқишди.
Иштирокчиларининг фикрича, парламент аъзолари паст углеродли иқтисодиётни барпо этиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув-энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, бу борадаги халқаро лойиҳа ва дастурларни илгари суришда ўз ҳиссаларини оширишлари керак.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева йиғилиш иштирокчиларини 2024 йилнинг биринчи ярмида Марказий Осиё давлатларининг иккинчи парламентлараро форумини Самарқанд шаҳрида ўтказишга таклиф этди.