Россиянинг бош онкологи нима учун Ўзбекистонга келди - видео

Режаларимиз бир-биримизга ёрдам бериш, ўрганиш, ёшларимиз орасида тажриба алмашиш орқали янги технологияларни беморларга етказишдир - Каприн.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 фев - Sputnik. Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Миллий тиббий радиология илмий маркази бош директори Андрей Каприн Sputnik мухбирига ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорлик режалари ҳақида сўзлаб берди.
Каприннинг айтишига кўра, Россия делегацияси Ўзбекистонга радионуклидлар ишлаб чиқариш жараёнини кўргани ҳамда октябрь ойида бўлиб ўтадиган анжуманни муҳокама қилгани келишган.

"Биз радионуклидлар ишлаб чиқариш жараёнини кўргани ҳамда октябрда Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан ташкил қилинадиган анжуман борасида суҳбатлашгани келдик. Анжуманда биз радионуклид терапияси ёрдамида онкологик, юрак-қон томир ва неврологик касалликларни комплекс даволаш масалаларини муҳокама қиламиз. Бу янги йўналиш бўлиб, у жуда истиқболли ҳисобланади. Шу сабабли биз ҳам фан ривожини, ҳам онкологик марказни кўргани келдик", - дейди шифокор.

Каприннинг сўзларига кўра, келажакда Россия ва Ўзбекистон ёш шифокорлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган.

"Режаларимиз халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, бир-биримизга ёрдам бериш, бир-биримиздан ўрганиш, ёшларимиз ўртасида тажриба алмашиш орқали янги технологияларни беморларга етказишдир", - деди Россия бош онкологи.

Ташриф доирасида Каприн Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев ва ядро тиббиёти соҳасидаги муассасалар вакиллари билан учрашди.