ТОШКЕНТ, 8 фев – Sputnik. Тошкент вилоятининг Пскент туманида истиқомат қилувчи Дилмурод Жабборовнинг қўл-оёқлари туғма ногирон: у оёқ-қўллари билан мустақил ҳаракатлана олмайди. Бироқ бу унга электротехникаларни тузатишда халал бермайди.
Касаллик сабаб Дилмурод мактабда таҳсил олмаган. Шу билан биргаликда уйда таълим олишга ҳам имконияти бўлмаган. У ҳаммасини мустақил ўрганишга тўғри келган. Укасининг дарсликларини кўриб ёзиш ва ўқишни ўрганган.
Бундан ташқари, у бирор касбнинг этагини тутишга ҳаракат қилган. Бунда унга уйдаги эски телевизорнинг тез-туз бузилиши ёрдам берган.
“Телевизорни тузатиш учун уйимизга усталар келса, мен уларнинг ишларини кузатиб турардим. Шундан радиотехникаларни таъмирлашга қизиқишим пайдо бўлган”, - дейди Жабборов.
Гарчи аввалига унга ҳеч ким ишонмаган бўлсада, мана 25 йилдирки, у техникаларни тузатиш билан шуғулланади.
Уста отаси уни бу ишдан қайтаришга уринганини яхши эслайди.
“Аммо мен ҳаммага, бу ишни албатта ўрганаман, дердим”, - дейди уста.
Ҳозирги кунда Дилмурод уста ҳар қандай русумдаги телефонларни таъмирлай олади. Янги телефонлар чиқса, унинг ичини очиб, эринмасдан томоша қилади, уни ўрганади. Бундан ташқари, у ўндан ортиқ шогирдларига сабоқ берган.
“Ўзим ҳеч қаерда ўқимаган бўлсамда, шогирдларим мени устоз деб атаса, руҳим кўтарилади, фахрланаман. Кўпроқ шогирдларга ўргатгим келади, ўз устимда кўпроқ ишлашга ҳаракат қиламан”, - дейди у.
Дилмурод уста ҳар бир инсон мўъжизалар ярата олишига ишонади. Унинг айтишича, асосийси - ўзига ишонч.
Ҳикоямиз қаҳрамони ҳақида батафсил видеомизда томоша қилинг.