ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. Сурхондарёда илк бор ишлаб турган юракда жарроҳлик амалиёти бажарилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида кардиожарроҳлик бўлими иш бошлади. Бу ердаги биринчи мураккаб амалиёт Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалининг тиббиёт фанлари номзоди Адҳам Жалилов бошчилигидаги кардиохирурглар жамоаси билан ҳамкорликда ўтказилди.
Шу тариқа вилоят тиббиёти тарихида илк бор ишлаб турган юракда аорта-коронар шунтлаш операцияси муваффақиятли бажарилди.
Ҳозир беморнинг аҳволи қониқарли бўлиб, стандартлар асосида даво муолажалари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Миллий хирургия тарихида илк бор юрак коронар-шунтлаш ва буйрак трансплантацияси амалиёти ўтказилган эди. Шунингдек, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида илк бор очиқ юракда мураккаб кардиохирургик операциялар бажариш йўлга қўйилган.