ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасида божхона соҳасида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги битимни кўриб чиқиш ва тузишни тезлаштириш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълум қилди.
Ханой шаҳрида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Вьетнам саноат ва савдо вазири Нгуен Хонг Дьен ўртасида музокаралар бўлиб ўтган.
Таъкидланишича, суҳбат чоғида савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва транспорт-логистика соҳасида ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинган.
“Хусусан, томонлар сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ошганини қайд этди. Бу борада ҳали ишга солинмаган катта имкониятлар мавжудлиги инобатга олиниб, божхона соҳасида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги битимни кўриб чиқиш ва тузишни тезлаштириш бўйича келишувга эришилди”, - дейилади хабарда.
Бундан ташқари, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва номенклатурасини диверсификация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузиш масаласи келишиб олинган.
Учрашув якунлари бўйича томонлар муҳокама қилинган лойиҳалар доирасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирган. Шунингдек, савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Вьетнам ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ва қўшма бизнес-форумни ўтказишга келишиб олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Вьетнам автомобиллар учун бутловчи қисмлар ва электроника ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқаётгани ҳақида маълум қилинган эди.