ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. Ўзбекистонда IMEI кодларини ноқонуний клонлаш учун жавобгарлик жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, IMEI кодни рўйхатга олиш бошлангач, жиноятчилар клонланган IMEI-кодларини яратишмоқда. Бундай IMEI-кодларини эса автоматик аниқлаш ва блокировка қилишнинг техник тартиби жорий этилмаган.
Клонлаш қуйидагича амалга оширилади: махсус дастурий таъминот воситасидан фойдаланган ҳолда IMEI-коди битта мобил қурилмадан бир ёки бир нечта мобил қурилмаларга узатилади ва натижада тармоқда бир хил IMEI коди бўлган бир нечта мобил қурилмалар пайдо бўлади.
“Бу ўз навбатида ўғирланган уяли телефонларни излаб топишни қийинлаштириб, ноқонуний олиб кирилган мобил қурилмаларни республика ҳудудида рўйхатдан ўтказиш имконини беради”, - дейилади хабарда.
Мобил қурилманинг IMEI-кодларини ноқонуний ўзгартирганлик учун жавобгарлик йўқ.
Қайд этилишича, бу каби казусли ҳолатни бартараф этиш мақсадида мутасадди ташкилотлар тегишли нормаларига ўзгартириш киритиш тўғрисида қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.
IMEI код – бу 15 рақамдан иборат бўлган серия номери бўлиб, у уяли телефоннинг ҳар бир сим-карта солинадиган слоти учун алоҳида бўлади. IMEI код ишлаб чиқарувчи томонидан берилади.