ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. Ўзбекистонда 1 июндан бошлаб барча аҳоли пунктларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлигини соатига 70 километрдан 60 километргача тушириш таклиф қилинмоқда. Бу муҳокамага қўйилган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида назарда тутилган.
Таъкидланишича, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини “шаҳар автомобиллар эмас, балки пиёдалар учун” ғояси асосида ислоҳ қилиш мақсад қилинган.
“2023 йил 1 июндан бошлаб республиканинг барча аҳоли пунктларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилсин”, - дейилган ҳужжатда.
Тезликни 10 километр соатга тушириш ўлим ҳолатларини камида 15 фоизга камайтиришга олиб келиши айтилмоқда.
Муҳокама 17 февралгача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, 17 январь куни йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссияси баёни билан Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳар ва вилоятларнинг айрим ҳудудларида транспорт воситаларининг ҳаракат тезлиги соатига 60 километр этиб белгиланган эди.