ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. Барча мактабларда бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилади. Тегишли таклиф умумхалқ муҳокамаси учун жойланган 2023 йилги давлат дастури лойиҳасида назарда тутилган.
Президент фармони лойиҳасига мувофиқ, таълим сифатини ошириш мақсадида шу йил 1 сентябрдан ҳар бир туман (шаҳар)даги биттадан мактабда ўқувчиларни 2 та хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти йўлга қўйилади.
Унга кўра 2023/2024 ўқув йилидан:
босқичма-босқич янги ўқув дастурлари амалиётга киритилади;
республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилади;
давлат грантлари коллеж ва техникумларнинг дуал таълим шакли бўйича ҳам ажратилади.
Шунингдек, 1 апрелдан мактабгача таълим қамровини кенгайтириш мақсадида янги давлат боғчаларини кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида ёки бошқа уйларни сотиб олиб ташкил этишга рухсат этилади.
Давлат-хусусий шериклик асосида ижарага берилган ерда хусусий боғчани қурган хусусий шерикка ушбу бинони мазкур лойиҳа учун банк кредитлари бўйича гаровга қўйишга оид чекловлар бекор қилинади.
Ушбу ҳужжат лойиҳаси 22 февралга қадар муҳокамада бўлади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойидан Қорақалпоғистондаги мактабларнинг бошланғич синф ўқувчиларини бепул тайёр озиқ-овқатлар билан таъминланиши маълум қилинган эди. Унга кўра, 2022/2023 ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикасидаги 716 та таълим муассасида 143 577 нафар бошланғич синф ўқувчиси кейтеринг ташкилотлари томонидан бепул озиқ-овқат билан таъминланади.