Туркиядаги зилзилада жабрланган Ўзбекистон фуқаролари бўйича маълумот келиб тушмади – ТИВ

Сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 76 кишига етган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. Туркиядаги зилзила оқибатида жабрланган Ўзбекистон фуқаролари бўйича маълумот келиб тушмади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
“2023 йил 6 февраль Тошкент вақти билан соат 11:00 ҳолатига кўра, мамлакатимизнинг Туркиядаги дипломатик ваколатхоналарига зилзила оқибатида ҳалок бўлган ва жароҳатланган Ўзбекистон фуқаролари бўйича маълумот келиб тушмади”, - дейилган вазирлик ахборотида.
Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатнинг Анқарадаги элчихонаси (тел.: +90-312-441-38-71, +90-312-441-17-46) ва/ёки Истанбулдаги Бош консулхонасига (тел.: +90-212-323-20-37, +90-212-323-20-39) мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияда 7,5 магнитудали зилзила содир бўлгани хабар қилинган эди. Мамлакатнинг камида тўрт вилоятида, шунингдек, Сурия шимолида биноларнинг қулаши қайд этилган. Туркияда кучли зилзилалар туфайли энг юқори даражадаги огоҳлантириш эълон қилинган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 76 кишига етган, 440 киши жабрланган. Сурия Соғлиқни сақлаш вазирлиги зилзила оқибатида қурбон бўлганлар сони 237 кишини ташкил этганини маълум қилди, 639 киши эса жабрланган.
Ўзбекистон ТИВ ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаган.