Ерлар деградациясига қарши курашиш тадбирларини мониторинг қилиш тартиби белгиланди

Мониторинг натижаларига кўра ўрганилган ҳудудда деградация ҳолатлари аниқланган тақдирда, 5 иш кунида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. Ерлар деградациясига қарши курашиш тадбирларини мониторинг қилиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Ҳуқуқий ахборот канали хабар берди.
Ҳукумат қарори билан Ерлар деградациясига қарши курашиш тадбирларини мониторинг қилиш, баҳолаш ва ҳисобот шаклларини ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг натижаларини чоп этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, қишлок хўжалигига мўлжалланган ерлар, ўрмон ва сув фонди ерлари ҳамда тоғ-кон ва бошқа саноат корхоналарига ажратилган ерлар – ер деградациясига қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш жараёнларини мониторинг қилиш объекти ҳисобланади.
Ерлар деградацияси ва унга қарши курашиш тадбирларига оид маълумотлар “Ер деградацияси геоахборот тизими”нинг электрон харитасига (қатламлар ва атрибутлар асосида) мунтазам онлайн тарзда киритиб борилади.
Мониторинг ҳамда тупроқ тадқиқоти натижаларига кўра ер майдонлари деградацияси даражаси қуйидагича баҳоланади:
ернинг тузилиши бузилмаган;
антропоген таъсирда бузилган;
деградацияга учрамаган;
кучсиз деградацияланган;
ўрта деградацияланган;
кучли деградацияланган;
ўта кучли деградацияланган.
Мониторинг натижаларига кўра ўрганилган ҳудудда деградация ҳолатлари аниқланган тақдирда, 5 иш кунида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Мажбурий кўрсатма 3 иш кунида тегишли масъул вазирлик ва идоралар ёки саноат корхоналарига ижро учун юборилади.