ТОШКЕНТ, 4 фев — Sputnik. Россия Федерация кенгаши Европа парламентарийларини Нидерландия ва Швецияда Қуръон ёқиб юборилгани каби диний ёдгорликларни таҳқирлашда айбдорларни ошкора қоралаш ва жазолашга чақиради. Бу ҳақда кенгаш раиси Валентина Матвиенко ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
“Россиялик сенаторлар европалик парламентарийларни радикал экстремистларнинг ҳаракатларини диний муросасизликнинг кўриниши сифатида очиқ қоралашга ва мусулмонлар ва бошқа дин вакилларининг эътиқод эркинлиги ҳуқуқини ҳимоя қилиш чораларини кўришга, шунингдек, провокациялар учун айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирмоқда", - деб ёзди у.
Матвиенко алоҳида таъкидлаганидек, "айниқса Европа давлатлари ҳукуматлари ва парламентлари экстремистларнинг ҳаракатларига адекват жавоб бермаётгани ғазаблантиради".
“Қуръоннинг таҳқирланиши нафақат мусулмонларни, балки Россиядаги барча конфессия вакилларини ҳам ларзага солмоқда”, дея қўшимча қилди Матвиенко.
Эслатиб ўтамиз, радикал сиёсатчи Расмус Палудан бир неча бор Қуръон китобини ёқиб юборди. У бу ишни Дания ва Швецияда амалга оширган.
Худди шундай акция Россиянинг Копенгагендаги элчихонаси консуллик бўлимида ҳам бўлиб ўтди. Россия дипломатик миссияси бундай ҳаракатларни қоралади.
Аввалроқ Федерация Кенгаши спикери тегишли қўмиталарга Қуръоннинг Швециядан ёқиб юборилишини қораловчи таклиф тайёрлашни топширган эди. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳаракатлар куфр, жиноят ва миллий адоватни қўзғатишдир.