ТОШКЕНТ, 3 фев — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари тўлов тизимлари ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш капиталларнинг эркин ҳаракатланишига кўмак беради. Бу ҳақда Россия бош вазири Михаил Мишустин “Digital Almaty” форумининг ялпи мажлисида маълум қилди
“Мамлакатларимиз ўртасидаги капиталларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш учун “бешлик” давлатлар тўлов тизимлари ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш зарур. Бу фуқаролар ва бизнес, аввало, кичик ва ўрта бизнес манфаатига хизмат қилади”, - деди Мишустин. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирган.
Россия бош вазирининг қўшимча қилишича, товарларнинг эркин ҳаракатланишига ЕОИИ рақамли транспорт йўлакларининг экотизими ёрдам бериши керак. Ҳужжат юритиш электрон шаклга ўтказилиши даркор.
ЕОИИ 2014 йилда Россия, Беларусь ва Қозоғистон ўртасида тузилган шартнома асосида ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Бу иттифоққа 2015 йилда Арманистон ва Қирғизистон аъзо бўлган, Молдова ва Куба кузатувчи мақомига эга. Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойида ЕОИИда кузатувчи давлат мақомини олган эди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ЕОИИга аъзо мамлакатлар капитали иштирокидаги корхоналар сони сезиларли даражада ошди. Уларнинг сони 4,5 мингга етди.
ЕОИИнинг мақсади — аъзо давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини юксалтириш борасида барқарор ривожланиш учун шароитлар яратиш, товарлар, хизматлар, капитал ва иш ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга ҳаракат қилиш, глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини ошириш, ҳар томонлама модернизациялаш ва ўзаро кооперацияни ривожлантиришдан иборат.