Барча вилоят марказларининг транспорт бош режаси ишлаб чиқилади

Бунда аҳоли орасида алоҳида сўров ўтказилади ва уларнинг фикрлари инобатга олинади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 янв — Sputnik. Ўзбекистонда барча вилоят марказларининг транспорт бош режаси ишлаб чиқилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида жамоат транспорти соҳасини такомиллаштириш юзасидан ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Давлат раҳбари йил якунига қадар барча автобус маршрутлари аҳоли эҳтиёжи асосида қайта кўриб чиқилиши шартлигини таъкидлади.
Мирзиёев вилоятлар ҳокимларига Транспорт вазирлиги ва Транспорт университети билан биргаликда 1 июлга қадар барча вилоят марказларининг Транспорт бош режасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Бунда аҳоли орасида алоҳида сўров ўтказилади ва уларнинг фикрлари инобатга олинади.
Автобуслар паркини кенгайтириш учун ташувчи тадбиркорларга автобус паркини янгилашни рағбатлантириш тизими жорий қилинади.
Жумладан:
ташувчиларни танлашда автобуснинг янгилигига қараб, йўналишда йўловчи ташишнинг кафолатланган муддатлари 7 йилгача узайтирилади (10 ёшдан ошган автобуслар бўйича шартнома тузилмайди);
тадбиркорлар олиб келган янги автобуслар бўйича қўшилган қиймат солиғини бўлиб-бўлиб тўлашига рухсат берилади;
автобуслар сотиб олиш учун 10 йилгача муддатга имтиёзли кредит берилади.
Вилоятлар ҳокимларига Транспорт вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:
- ўз ҳудудида транспорт инфратузилмасини яхшилаш бўйича манзилли дастурни тасдиқлаб, ишларни бошлаш;
- намунавий бекат лойиҳасини ишлаб чиқиб, тадбиркорларга реклама ва банкомат хизматларини ташкил қилиш учун вақтинчалик фойдаланишга бериш тартибини киритиш топширилди.