Озиқ-овқат соҳасида раҳбарларни тайёрловчи институт очилади – унга кимлар қабул қилинади?

Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти ташкил этилди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти ташкил этилди. Бу ҳақда президент томонидан қабул қилинган ПҚ–22-сонли қарорда назарда тутилган.
Институтда озиқ-овқат соҳасида мукаммал технологлар, етук кадрлар ва бизнес раҳбарлар тайёрланади.
Уларга озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида кичик ва ўрта бизнес учун рақобатбардош технологиялар, жараёнлар ва тармоқларни ривожлантириш бўйича таълим берилади.
Қарор билан қуйидагилар ташкил этилди:
Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти;
Институт ҳузурида Агробизнес субъектлари салоҳиятини ошириш маркази – Capacity Building Center;
Озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти ҳузуридаги Қўқон озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш техникуми.
Техникумни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар Институтга соҳага мос бўлган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали 2-курсдан тўлов-контракт асосида қабул қилинади.
Институтда ўқитиш инглиз, рус ва ўзбек тилларида ҳамда кундузги, сиртқи ва масофавий таълим шаклларида амалга оширилади.
2024/2025 ўқув йилидан Институтда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича дуал таълим тизими жорий қилинади.
2024 йил 1 январдан Институтнинг илмий салоҳиятини ошириш учун озиқ-овқат саноати ва уни қайта ишлаш бўйича илмий педагогик кадрлар (таянч докторантура (PhD) ва докторантура (DSc) тайёрлаш тизими йўлга қўйилади.