Олимлар Амир Темурнинг Тўхтамиш устидан қозонган ғалаба майдонини аниқлашга киришишди

Ўзбекистон ва Россия олимлари Амир Темур ва Тўхтамиш ўртасида кечган жанг майдонини аниқлаш ниятида.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. Россия ва Ўзбекистон археологлари Ўрта Осиё ҳукмдори, саркарда Амир Темур Олтин Ўрда хони Тўхтамиш устидан ғалаба қозонган жанг майдонининг аниқ жойини аниқлаш ниятида. Бу ҳақда Самара университети матбуот хизмати РИА Новостига хабар берди.
Бу йил Самара вилоятида Россия ўрта асрлари тарихидаги энг муҳим воқеалардан бири –Амир Темур қўшинлари ва Олтин Ўрда хони Тўхтамиш ўртасидаги жангнинг аниқ жойини аниқлаш бўйича йирик халқаро археологик лойиҳа бошланмоқда.
“Олимлар ҳали жанг майдони қаерда жойлашганлигини аниқлай олишмади, бу ҳақда турли хил тахминлар мавжуд. Лойиҳа доирасида биз қазишмалар давомида тегишли артефакт-далилларни топиб, узоқ йиллик илмий тортишувларга чек қўйиш орқали ушбу тарихий сирни очишимиз керак”, дейди Самара университети археология илмий-тадқиқот лабораторияси раҳбари Сергей Зубов.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳа беш йилга мўлжалланган. Мазкур муддат давомида Амир Темур ва Тўхтамишнинг ҳарбий юришларини батафсил ўрганиш, археологик тадқиқотлар ва Самара вилоятининг турли ҳудудларига экспедициялар ўтказиш режалаштирилган.
“Университетимиз олимларидан ташқари лойиҳада Татаристон Фанлар академиясининг Тарих институти ва Археология институти, Қозон, Қўрғон ва Бошқирд давлат университетларидан ҳамкасблар, шунингдек, Самарқанд давлат университети ва Самарқанд археология институти иштирок этишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, Қозоғистон, Озарбайжон, Эрон ва Исроил археологлари ҳам ушбу лойиҳага қизиқиш билдиришди”, дейди Зубов.
Таъкидланишича, лойиҳада археолог ва тарихчилардан ташқари, Самара университетининг кимёгарлари, оптик физиклари, геофизиклари, биологлари ва бошқа илмий йўналишлари мутахассислари ҳам иштирок этади.