ТОШКЕНТ, 27 янв — Sputnik. Дунё бўйича йилига 1,3 миллиондан 4 миллионгача киши вабо касаллигини юқтириб, улардан 143 минг нафари ҳаётдан кўз юммоқда. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълум қилди.
Таъкидланишича, бу борадаги эпидемиологик вазият айниқса, Африкада ёмон. Хусусан, Малави давлатида ўтган йилдан бери вабо қурбонлари сони 1000 нафарга етди. 30 621 кишига эса ушбу хавфли хасталик ташхиси қўйилган.
ЖССТ экспертларининг тан олишича, республикада вабо эпидемияси 20 йилдан ортиқ давом этмоқда. Бироқ ҳалигача бундай антирекорд кўрсаткич қайд этилмаган эди.
“Айни пайтда энг кўп ўлим ҳолатлари мамлакатнинг икки йирик шаҳри — Лилонгве ва Блантирда кузатилмоқда. Шу туфайли таълим муассасалари фаолияти вақтинча тўхтатилган, жамоат жойлари, тураржой мавзелари ва савдо-сотиқ мажмуаларида эркин ҳаракатланиш чекланган”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ўтган йил ноябрь ойида Малави аҳолиси ўртасида оммавий эмлаш кампаниясини кучайтириш учун БМТ томонидан қарийб 3 миллион доза вабога қарши вакциналар етказиб берилган ва улар мақсадли ишлатилган. Шунга қарамай, ҳозир мамлакатда касалланишлар сони ўсишда давом этмоқда.