ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Бишкекда Қирғизистон-Ўзбекистон бизнес-форуми бошланди. Бу ҳақда Sputnik Қирғизистон хабар берди.
Тадбир Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатга давлат ташрифи арафасида бўлиб ўтмоқда.
Форумда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаров, Ўзбекистон президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов ва иқтисодиёт ва сармоя соҳасидаги бошқа давлат тузилмалари вакилларининг чиқишлари режалаштирилган.
Қирғизистон расмийлари мамлакатнинг сармоявий салоҳияти ҳақида видеоролик тақдим этади ва Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси фаолияти ҳақида сўз юритишади.
Тахминан 100 миллион долларлик ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
Тадбирнинг очилиш ва ҳужжатлар имзоланиш маросимидан сўнг “Иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари”, “Ишбилармон ҳамкорлик ва экспорт” мавзуларида ялпи мажлислар, шунингдек, “Минтақавий интеграция ва иқтисодий ривожланиш” мавзуларида давра суҳбати ўтказилади.
Куннинг иккинчи ярмида B2B учрашувлари ва Қирғизистон-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади.
Маълумот учун, ўтган йилнинг 11 ойи давомида, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 500 миллион доллардан ошди. Айни кўрсаткични 2 миллиард долларгача ошириш режалаштирилган.