ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Сурхондарё вилоятининг Ангор, Термиз, Жарқўрғон, Музработ ва Шўрчи туманларига янги ҳокимлар тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги маълум қилди.
Ангор тумани
Халқ депутатлари Ангор тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ҳокими лавозимига Қосим Мардонов тасдиқланди. Шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Шоҳжаҳон Абдуллаев вазифасидан озод этилди.
Маълумот учун, Қосим Мардонов 1975 йил Термиз туманида туғилган. У 2007−2020 йилларда Молия бошқармаси, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасида турли лавозимларда ўз фаолиятини олиб борган. 2020 йилдан буён эса Вазирлар Маҳкамаси Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибиятининг Қашқадарё ва Фарғона вилоятлари бўйича бош мутахассиси лавозимида ишлаб келаётган эди.
Термиз тумани
Халқ депутатлари Термиз тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ҳокими лавозимига Шуҳрат Назаров тасдиқланди. Шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Шуҳратжон Ўринов вазифасидан озод этилди.
Шуҳрат Назаров 1968 йил Шўрчи туманида туғилган. У 2008−2022 йилларда Солиқ органларида турли лавозимларда ишлаб келган. 2022 йилдан буён Чирчиқ шаҳар Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимида ўз фаолиятини олиб бораётган эди.
Жарқўрғон тумани
Халқ депутатлари Жарқўрғон тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Элмурод Авазов туман ҳокими лавозимига тайинланди. Шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Баҳодир Ўрақов вазифасидан озод этилди.
Элмурод Авазов 1988 йил Шеробод туманида туғилган. У 2012-2022 йилларда иқтисодиёт бошқармаси ва вилоят ҳокимлигида турли лавозимларда фаолият юритган.
2022 йилдан буён Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Савдо ва хизматлар инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Музработ тумани
Халқ депутатлари Музработ тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Абдурашид Исмаилов туман ҳокими лавозимига тайинланди.
Абдурашид Исмаилов 1977 йил Бойсун туманида туғилган. У 1996—2022 йилларда ижтимоий таъминот, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасида турли лавозимларда фаолият юритган. 2022 йилдан буён Музработ тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Шўрчи тумани
Халқ депутатлари Шўрчи тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ҳокими лавозимига Улуғбек Зокиров тасдиқланди. Шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Бахтиёр Худойберганов вазифасидан озод этилди.
Улуғбек Зокиров 1974 йил Сариосиё туманида туғилган. У 1997-2022 йилларда тижорат банклари, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қишлоқ қурилиш инвест, Марказий банк бошқармасида турли лавозимларда фаолият юритган. 2022 йилдан буён Республика Марказий банк департамент директори ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.