Жиззах вилоятидаги хонадонда бўри сақланаётгани аниқланди

Фуқаро ноқонуний тарзда сақланган бўри учун 3 млн сўм жарима тўлайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. Жиззах вилоятида яшовчи фуқаро ўз хонадонида бўри сақлаб келгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилоятида ўтказиладиган кўпкари учун Зомин қўриқхонасидан бўри олиб келингани юзасидан хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат бўйича олиб борилган ўрганишлар давомида Зомин тумани "Туркман" МФЙда яшовчи фуқаро ўз хонадонида бўрини ноқонуний тарзда тутқунликда сақлаб келаётганлиги аниқланган.
Бу билан фуқаро "Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги қонунининг 4, 32, 33-моддаларининг талабларини бузган.

"Шундан келиб чиқиб, фуқарога Ўзбекистон МЖтКнинг 90-моддаси, 1-бандига асосан БҲМнинг 10 баравари, яъни 3 млн сўм миқдорида жарима белгиланди", - дейилади хабарда.

Бўрини табиат қўйнига қайтариш чоралари кўрилмоқда.