Ўзбекистонда "Уйқу апноэ" мактаблари ташкил этилади

Мактаб тунги уйқу сифати ва нафас олиш функцияси бузилишларини ташхислаш ва даволаш ишларини олиб боради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. Ўзбекистонда "Уйқу апноэ" мактаблари ташкил этилади. Бу ҳақда 20 январь куни президент томонидан имзоланган қарорда назарда тутилган.
"Уйқу апноэ" мактаблари ҳудудий фтизиатрия ва пульмонология марказлари негизида иш бошлайди.
Мактаб тунги уйқу сифати ва нафас олиш функцияси бузилишларини ташхислаш ва даволаш ишларини олиб боради.
Маълумот учун, уйқу бузилишига оддий психоэмоционал зўриқиш ёки жисмоний чарчаш сабаб бўлиши мумкин. Лекин марказий нерв системасининг оғир касалликлари ҳам уйқу бузилишига олиб келади.
Апноэ қандай ҳолат ? Бу ухлаб ётган одамда 10 сония мобайнида нафас тўхташи билан намоён бўлувчи жараён ҳисобланади.
Уйқу пайтидаги апноэ сабаблари:
Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик, гипотиреоз;
Семизлик, нафас олиш маркази фаолиятини сусайтирувчи дорилар, токсинлар, метаболитлар;
Бурун бўшлиғидаги тўсиқлар, сурункали ринит, этмоидит, тонзиллит, фарингит, ларингит, бронхит.
Нафас олиш ритми бузилишидан ташқари, чуқур-чуқур шовқинли нафас олиб ухлаш, кучли хуррак отиш, уйқу пайтидаги безовталиклар ва тез-тез уйғониб кетиш рўй беради.
Асаб ва руҳият илмий-тиббий маркази маълумотларига кўра, айрим касалликларга чалинган беморларда апноэ пайтида ишемик инсулт рўй бериши ёки юрак ишемик касаллиги қўзғалиши мумкин. Айниқса спиртли ичимликларни истеъмол қилиб маст ҳолатда ухлаб қолганда ишемик инсултлар кузатилади.