ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Қорақалпоғистонлик ҳайдовчилар “Савобли иш” акциясини йўлга қўйиб, аҳолини бепул манзилига элтиб қўймоқда. Акцияга автобус ажратган давлат идоралари ва тадбиркорлар қўшилди.
Ўзбекистонда аномал совуқ туфайли 12 январдан газ қуйиш шохобчалари фаолияти тўхтатилгач, ҳудудлардаги транспорт муаммоси янада долзарблашган. Пойтахтдан ташқарида асосий транспорт тури газ билан ҳаракатланадиган "Damas" ҳисобланади. Шунинг учун такси нархлари кескин ошган.
Нукусда ҳайдовчилар йўловчиларни бепул манзилига элтиб қўйишни бошлаган ва бир ҳафта ўтмай акция Қорақалпоғистон бўйлаб тарқалган ва “Савобли иш” деб номланган.
Жўқорғи Кенеш ташаббуси билан давлат ташкилотлари томонидан бепул ҳаракатланадиган автобуслар ажратилган. Aкцияга хусусий компаниялар ҳам қўшилган.
Республика транспорт вазирлиги матбуот котиби Зоҳид Кажановнинг маълум қилишича, айни пайтда ИИВ, соғлиқни сақлаш вазирлиги, транспорт вазирлиги, Ибройим Юсупов номидаги ихтисослаштирилган мактаб ва дорихоналар тармоғи автобусларида одамлар бепул ташилмоқда.
Шунингдек, Ёшлар масалалари агентлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан акция учун автомобиллар ажратилган. Қорақалпоқ давлат университетидан ҳам 50 та автомобиль ажратилган.
Бундай акциялар Қорақалпоғистоннинг Хўжайли, Қонликўл, Чимбой ва бошқа туманларида бўлиб ўтмоқда.