ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Республикадаги барча автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари об-ҳаво ҳарорати кўтарилганидан сўнг ишлай бошлайди. Бу ҳақда “Ўзтрансгаз” хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатда об-ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида табиий газнинг истеъмол ҳажми кескин ошиб бориши кузатилмоқда.
Бундай ҳолатда аҳоли, ижтимоий аҳамиятга молик объектлар ва қозонхоналарни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида республикадаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида (АГТКШ) табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилди.
Лекин ижтимоий тармоқларда айрим "газ-заправка"ларда автотранспортларга метан газ тўлдирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Шу муносабат билан "Ўзтрансгаз" барча АГТКШ об-ҳаво ҳарорати кўтарилиб, қулай шароит пайдо бўлгач, одатдаги иш тартибида ишлай бошлашини маълум қилди.
Ҳозирда вилоят ҳокимликлари билан келишилган ҳолда айрим АГТКШ куннинг маълум вақтида 1 соатдан 3 соатгача хизмат кўрсатмоқда.
Мазкур хизматдан фақатгина уй-жой мулкдорлари ширкатлари, электр таъминоти корхоналари, ободонлаштириш бошқармалари, аҳолига пропан тўлдирилган газ балонлар етказиб берувчи ташкилотларнинг автотранспорт воситалари фойдаланишмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 12 январь куни Ўзбекистонда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти қисқа муддатга вақтинча тўхтатилган эди.