Бир ҳафта ичида пойтахт аҳолисининг газ ва электрга бўлган эҳтиёжи қондирилади

Шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов бошчилигида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. Бир ҳафта ичида барча туманлардаги маҳаллаларда аҳолининг табиий газ ва электр энергиясига бўлган эҳтиёжи қондирилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов бошчилигида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда президент ҳузурида энергия ресурслари таъминоти юзасидан ўтказилган йиғилишда ҳокимлик раҳбарларига билдирилган жиддий танқид ва эътирозлардан келиб чиқиб, вазифалар белгилаб олинди.
Президент қайд этган электр энергияси ва газ таъминотидаги узилишларни бартараф этишга асосий эътибор қаратилди.

“Бир ҳафта мобайнида барча туманлардаги маҳаллаларда аҳолининг табиий газ ва электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш, содир бўлаётган узилишларни қисқа вақт ичида бартараф этиш вазифалари белгилаб олинди”, - дейилади хабарда.

Бунинг учун мутасаддиларга ишга жиддий киришиш, бор имкониятлардан оқилона фойдаланиш, қўшимча кучларни жалб этиш топшириғи берилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган йиғилишда энергетика тизимидаги мавжуд ресурсларни адолатли тақсимлаб, муаммоли маҳаллаларда одамларга зудлик билан ёрдам кўрсатадиган тизим яратиш топширилди.
Унда икки ой муддатда хориждан малакали мутахассисларни олиб келиб, бошқарув ва ишлаб чиқариш жараёнларини рақамлаштириш бўйича амалий ишларни бошлаш вазифаси қўйилди. Энергия таъминотида қаерда узилиш бўлган бўлса, унинг сабабларини кўрсатиб, оқибатлари қанча муддатда бартараф этилишини одамларга тушунарли тарзда етказиш зарурлиги қайд этилди.