ТОШКЕНТ, 16 янв — Sputnik. Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва Бош прокуратураси нефтегаз ва энергия назорати тизимларидаги коррупцияни йўқ қилиш бўйича алоҳида чоралар кўради. Президент Шавкат Мирзиёев энергетика мавзусига бағишланган йиғилишда тегишли топшириқларни берди.
Йиғилишда бугунги кундаги муаммоларда тизимсиз ишлаш, энергоресурсларни талон-торож қилиш ҳолатлари ҳам сабаб бўлаётгани кўрсатиб ўтилди.
Хусусан, ўтган бир ойда электрга 5 мингта, газга 4,5 мингта ноқонуний уланишлар аниқланган.
“Электр ва газ тармоқларида талон-торожлик бўлганини, туман ҳокимлари ва сектор раҳбарлари, электр ва газ идоралари бошлиқлари билмасми-ди?”, - дея савол қўйди давлат раҳбари.
Таъкидланишича, охирги ойларнинг ўзида нефтегаз ва энергия назорати тизимларида 192 та коррупция ҳолатлари аниқлангани ҳам тизим ичидан емирилганидан далолат беради.
ДХХ ва Бош прокуратурага тизимдаги коррупцияни йўқ қилиш бўйича алоҳида чоралар кўриш топширилди.
Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти раиси Фарҳод Абдураҳмонов лавозимидан озод этилгани, “Ҳудудий электр тармоқлари” раҳбари Улуғбек Мустафоев, “Ўзтрансгаз" раҳбари Беҳзод Норматов ва “Ўзбекнефтгаз” раҳбари Меҳриддин Абдуллаев ҳам лавозимидан озод этилиб, уларга вазифасини бажарувчи лавозимида 3 ой синов муддати белгилангани хабар қилинган эди.