ТОШКЕНТ, 15 янв — Sputnik. Бухоро шаҳрида Бухоро туризм марказини қуриш учун бошқа мақбул ер майдони танланади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, ҳозир марказ лойиҳаси дастлабки босқичда тайёрланмоқда. Лойиҳа пухта ишлаб чиқилгандан сўнг тегишли тартибда барча келишувлардан ўтказилади.
“Мазкур лойиҳа бўйича кенг жамоатчилик ва фуқаролар фикрини инобатга олиб, бошқа мақбул ер майдони танланади. Шунингдек, ЮНЕСКО умумжаҳон марказининг тегишли хулосаси олинган ҳолда якуний қарор қабул қилинади ва шундан сўнг қурилиш ишлари бошланади”, - дейилади хабарда.
Сўнгги кунларда ОАВ ва жамоатчилик Бухоро туризм маркази қурилишини кенг муҳокама қилаётган эди. 32,6 гектар майдонни эгаллаган мажмуани қуриш учун ҳокимликлар, прокуратура, спорт аренаси ва бошқа бинолар бузилиши мумкинлиги айтилганди.