ТОШКЕНТ, 14 янв — Sputnik. Ўзбекистонда Ҳамширалар академияси ташкил этилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш мақсадида Туркиянинг Соғлик билимлари университети билан ҳамкорликда Тошкентда Ҳамширалар академияси ташкил этилади.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида университет ректори Жавдат Эрдол билан ўтган мулоқот чоғида бу бўйича келишувга эришилди.
Академия ўз фаолиятини янги ўқув йилидан бошлайди. Ҳамшираларни тайёрлаш 4 йиллик ўқув дастури асосида Соғлик билимлари университети профессор-ўқитувчилари томонидан халқаро таълим стандартлари асосида амалга оширилади. Унга кўра, таълимнинг икки йили Ўзбекистонда ва икки йили Туркияда олиб борилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Туркия Соғлик билимлари университети раҳбарияти ўртасидаги мулоқотда тиббиёт тизими учун раҳбар кадрларни тайёрлаш мақсадида бакалавриат босқичида “Тиббиёт менежменти” таълим йўналиши бўйича 4 йиллик қўшма дастур йўлга қўйилади. Бу лойиҳада ҳам талабалар икки йил Туркияда таҳсил олади.