ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Тошкент вилоятидаги раҳбарлар йўл бўйида транспорт кутиб турган йўловчини хизмат машинасида манзилга элтиб қўйиши керак. Бу ҳақда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирокида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев айни пайтда долзарб бўлиб турган бир қатор масалалар бўйича йиғилиш ўтказди.
Унда вилоят масъулларига мактабларнинг иситиш тизимларини ўрганиш, айниқса, қозонхоналарда сув музлаб қолмаганини текшириш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, фаолиятини бошлаётган мактабларга борадиган йўлларни қор ва муздан тозалашга барча куч ва воситалар сафарбар қилиниши айтиб ўтилди.
Қайд этилишича, Халқ таълими бошқармаси ҳар икки соатда фаолият бошлаган ёки бошлаш арафасида турган мактаблардаги ҳолат бўйича вилоят ҳокимига ахборот бериб боради.
Вилоят ҳокимлиги томонидан бириктирилган вакиллар эса мактаб, бошқарув сервис компаниялари, касалхоналарга кириб,вазиятни назорат қилишда ҳокимларга ёрдам беради.
“Ҳамма раҳбарлар хизмат машинасида йўл бўйида кутиб турган йўловчини кўрса, машинасида манзилга олиб кетсин. Агар касалхонага бораётган бўлса, жойигача элтиб қўйинглар”, - дейди ҳоким.
Шунингдек, ободонлаштириш бўлими ходимларига иссиқ овқат, кийим-бош берилиши бўйича ҳам топшириқлар берилди.