"Бу ерда ярим емирилиш даври бир неча ўн дақиқа бўлган қисқа муддат яшовчи изотоплар керак. Улар ёрдамида Кара-Тау фосфоритларидан самаралироқ фойдалариш ва ерлар шўрланишини олдини олиш имконини беради. Пахтачиликда ҳам бундай изотоплар жуда керак. Қисқа муддат яшовчи изотопларни ҳеч қаердан олиб келиб бўлмайди. Реактор қуриш керак", - деб ўз кузатувларини якунлаган эди ўшанда буюк олим Игорь Васильевич Курчатов.
“У, хусусан, Тошкентда атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш борасидаги ишларда бундай кўлам, савия ва қизиқишни топаман деб ўйламаганлигини тан олди. Ва бу ишлар қўллаб-қувватланишини ваъда берди. Тошкентлик олимларга эса барча ишларнинг ривожланиши борасида шахсан у билан боғланишни тайинлади", - деб эслайди Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг собиқ биринчи котиби Нуритдин Муҳитдинов ўз хотираларида.
“Кечқурун Игорь Васильевич Курчатов ва Юлий Борисович Харитон [ядро физиги, СССР Фанлар академияси аъзоси – таҳр.] Фанлар академияси [Ўзбекистон] президенти Теша Зоҳидович Зоҳидовнинг уйида меҳмонда бўлиб, ўзини эркин ҳис қилганини айтди. "У ҳатто ошхонага чиқиб, қандай овқат тайёрлаётганини кўрди. Зоҳидов унга ўзбекча тўн, белбоғ ва дўппи совға қилди. Кейинчалик Москвада, олим уйида меҳмонлар олдига ўша тўн ва дўппида кўриниш берар эди”, - деб ёзади ўзбек олими Содиқ Азимов.