ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев Татаристон раҳбари Рустам Минниханов билан учрашди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Учрашув Қозон шаҳридаги Татаристон раҳбари қароргоҳида бўлиб ўтди. Унда томонлар ҳудудлар ўртасида савдо-иқтисодий ва ижтимоий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди.
Рустам Минниханов ўз сўзида ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ўзаро ҳамкорликнинг юқори даражасини қайд этди. Савдо ҳажми ортиб бормоқда, қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
“Биз Россия-Ўзбекистон дўстона муносабатлари доирасида Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш имкониятини юқори баҳолаймиз. Бунда давлатларимиз президентларининг хизматлари алоҳида”, - дейди Рустам Минниханов.
Эргаш Салиев, ўз навбатида, Татаристон билан ҳамкорликни янада ҳар томонлама ривожлантиришдан ҳам манфаатдор эканлигини билдирди.
Жиззах вилояти ҳокими Татаристон президенти Рустам Минниханов билан учрашди
© Жиззах вилояти ҳокимлиги
Жиззах вилояти ҳокими Татаристонга ташрифи доирасида Иннополисга ҳам ташриф буюрди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев Татаристон бош вазири ўринбосари Роман Шайхутдинов билан учрашган эди. Унда Татаристон томони вилоят билан автомобильсозлик, машинасозлик, энергетика, кимё саноати, металлургия, қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма лойиҳалар амалга ошириш бўйича чоралар кўришга ва ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирган эди.