Шавкат Мирзиёев уран қазиб олиш лойиҳалари билан танишди

Шавкат Мирзиёев кўмир ва уран қазиб олишни кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар билан танишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 янв - Sputnik. Шавкат Мирзиёев кўмир ва уран ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотдаб президент томонидан олдин қўйилган вазифалар, хусусан кўмир қазиб олиш ҳажмини ошириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида ахборот берилди.
Хусусан, жорий йилда “Шарғункўмир” акциядорлик жамиятини модернизация қилиш лойиҳаси якунланади. Бунинг эвазига Ўзбекистонда юқори сифатли кўмир қазиб олиш қуввати 900 минг тоннагача ошади, дейилади хабарда.
Шавкат Мирзиёев ундан ташқари “Шарғун” ва “Бойсун” конларини ўзлаштириш, ва бу конларга инвесторларни жалб қилиб, янги лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Маълумот учун, Ўзбекистон ҳудудида қарийб 2 миллиард тонна кўмир захиралари мавжуд.
Ундан ташқари президент уран қазиб олиш ва қайта ишлаш самарадорлигини ошириш, қўшимча янги конларни аниқлаш бўйича лойиҳаларни жадаллаштириш юзасидан кўрсатмалар берди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2030 йилга қадар уран қазиб олиш ҳажмини 2 баробарга ошириб, 7,1 минг тоннага етказиш ҳақида президент қарори қабул қилинган эди.