Ўзбекистонда коронавируснинг янги “кракен” варианти аниқланганми

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Ўзбекистонда коронавируснинг янги “кракен” варианти аниқланганми деган саволга жавоб берди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Шу кунларда дунёнинг айрим мамлакатларида коронавируснинг янада юқумлироқ бўлган “кракен” варианти тарқалмоқда. Куни кеча у Грузияда ҳам аниқланди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидованинг Sputnik мухбирига маълум қилишича, ковиднинг бу варианти Ўзбекистонда аниқланмаган.

“Коронавируснинг янги "кракен" штамми Ўзбекистонда қайд этилмаган. Агар кузатилган бўлганида, бу расман эьлон қилинган бўлар эди”, - дея жавоб берди Саидова республикада “кракен” аниқланганми деган саволга.

“Кракен” (SARS-CoV-2 XBB.1.5 кичик тури) биринчи марта 2022 йил 22 октябрда АҚШда аниқланди. Касалликлар профилактикаси ва назорати бўйича Европа маркази (ECDC) маълумотларига кўра, у жуда тез тарқамоқда. Янги тур аллақачон Дания, Франция, Австрия, Нидерландия, Германия, Италия, Испания, Швеция, Исландия, Белгия, Чехия, Португалия ва Ирландияда аниқланган.
Вирусологларнинг сўзларига кўра, янги турдаги "кракен" аввалдан маълум бўлган коронавируснинг "омикрон" штаммига ўхшайди, чунки унинг вариантларидан бири ҳисобланади ва алоҳида жиддий хусусиятларга эга эмас.
Маълум қилинишича, бу турнинг ягона фарқли жиҳати - "омикрон"нинг илк вариантлари билан касалланганларга юқиш қобилияти бўлиши мумкин.