ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. Эрон суди Эроннинг собиқ президенти Али Акбар Ҳошимий-Рафсанжонийнинг мамлакатдаги яқинда бўлиб ўтган оммавий намойишларни қўллаб-қувватлагани учун ҳибсга олинган қизи Файза Ҳошимий-Рафсанжонийни 5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда унинг адвокати Неда Шамс маълум қилди.
“Файза Ҳошимий хоним унга қўйилган айбловлар бўйича вақтинчалик 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳукмнинг тугалланмаганини ҳисобга олсак, уни шарҳлаш тўғри эмас”, - деб ёзади Шамс ўзининг Twitter саҳифасида.
Эрон суд тизимидаги “вақтинчалик ҳукм” апелляция бериш имкониятини назарда тутади.
Aдвокатнинг қўшимча қилишича, Файза Ҳошимий ҳозирда қамоқда, унга нисбатан яна бир қанча иш қўзғатилган.
Файза Ҳошимий ислоҳотчи сиёсатчи ва парламентнинг собиқ аъзоси. У Эрон мухолифатининг тарафдори эди. Ҳукуматга қарши намойишларда қатнашган. У илк бор 2009 йилда президентлик сайловларида ислоҳотчилар қаноти номзодларидан бири Мир Ҳусайн Мусавийни қўллаб-қувватлаганида ҳибсга олинган эди. Кейинчалик у икки марта 6 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, шунингдек, беш йил муддатга сиёсий фаолият билан шуғулланиши тақиқланган.
Файза 2022 йил 27 сентябрда ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган қизнинг ўлими муносабати билан бошланган оммавий норозиликларни қўллаб-қувватлагани учун яна ҳибсга олинган.