Ўзгидромет аномал совуқ қачонгача давом этишини маълум қилди

Энг кучли совуқ республика шимолида кечалари −20…−25 даражагача, Устюртда ва Навоий вилоятининг чўл ҳудудларида −27…−30 даражагача бўлиши кутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 янв — Sputnik. Ўзбекистондаги аномал (ғайритабиий) совуқ об-ҳаво шу ҳафтанинг охиригача сақланиб туради, деб хабар бермоқда Ўзгидромет.
9−10 январь кунлари Ўзбекистон ҳудудига Россиянинг Европа қисмининг шимолий ҳудудлари устида шаклланган жуда совуқ ҳаво массаси кириб келиши бошланди.
10 январь куни республика ҳудудининг катта қисмида қор ёғади, тоғолди ва тоғли ҳудудларини баъзи жойларида кучли бўлади.
11 январда фақат республиканинг марказий ва шарқий ҳудудларида қор ёғиши сақланиб туради. Кейинчалик ҳафта охиригача Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича, асосан, ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.
10−11 январь кунлари Сурхондарё вилояти ва Фарғона водийси вилоятларининг айрим жойларида шамол 17−22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, баъзида эса 23−25 м/с гача кучайиши мумкин. Совуқ ҳавонинг кириб келиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ҳароратнинг сезиларли даражада пасайишига сабаб бўлади.
Ҳафтанинг ўртасига келиб, ҳарорат кечалари −12…−17 даражача, баъзи жойларда -20 даражагача, кундуз кунлари −5…−10 даражагача, баъзи жойларда -12 даражагача пасаяди. Энг кучли совуқ республика шимолида кечалари −20…−25 даражагача, Устюртда ва Навоий вилоятининг чўл ҳудудларида −27…−30 даражагача, кундуз кунлари −7…−12 даражагача бўлиши кутилмоқда.
Синоптиклар маълумотларига қараганда, Ўзбекистон бўйлаб энг паст ҳарорат қийматлари сўнгги марта 2008 йилнинг январь ойида кузатилган. Республика ҳудуди бўйича ҳарорат −17…−22 даражагача, баъзи жойларда −24…−26 даражагача, Қорақалпоғистон ва чўл ҳудудларда −30…−33 даражагача пасайиши қайд этилган. Ўша йилда Тошкентда минимал ҳарорат -17,4 даражани ташкил этган.
1972, 1973, 1974 ва 1977 йилларда республика бўйлаб баъзи жойларда янада қаттиқ совуқлар кузатилган. Шимолда ва чўл ҳудудларда бу йилларда ҳарорат −33…−38 даражага етган. Тошкентда 1974 йилнинг январь ойида ҳаво ҳарорати -18,6 даражагача пасайиши қайд этилган.
Аномал совуқ кунлари барча тиббиёт муассасалари узлуксиз ишлайди - ССВ