Си Цзиньпин навбатдаги “Марказий Осиё – Хитой” саммитини ўтказишни таклиф қилди

Пекинда Хитой ва Туркманистон етакчиларининг музокаралари бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 янв — Sputnik. Хитой Халқ Республикаси (ХХР) раиси Си Цзиньпин яқин орада“Марказий Осиё – Хитой” саммитининг навбатдаги йиғилишини ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда Хитой раҳбари Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан музокаралар чоғида маълум қилди.
Туркманистан давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, Цзиньпин "Марказий Осиё – Хитой" формати ХХРнинг Марказий Осиё давлатлари билан очиқ, шаффоф, ўзаро манфаатли, тенг ҳуқуқли, бизнес ва самарали хусусиятга эга бўлган янги ҳамкорлик платформаси эканлигини таъкидлади.
Ўтган йил январида Си Цзиньпин ташаббуси билан Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарларининг видеоанжуман шаклидаги учрашуви бўлиб ўтган эди. У Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган эди. Тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари иштирок этганди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 14 октябрь куни Остонада “Марказий Осиё – Россия” саммити бўлиб ўтди. Унда мамлакатлар етакчилари ҳамкорлик, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашишди.