ТОШКЕНТ, 6 янв — Sputnik. Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон Қамбар-Ота ГЭС-1 қурилиши бўйича йўл харитасини имзолади. Бугун Бишкекда уч мамлакат энергетика вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Sputnik Қирғизистон хабар берди.
Таъкидланишича, ҳужжатни имзолашдан олдин вазирлар бўлажак станция барча томонлар учун қанчалик фойдали бўлиши ҳақида гаплашган.
“Тошкент ва Остона аввалроқ лойиҳага қизиқиш билдирган эди. Бугун қўшни давлатлар вазирлари қўшма корхона ташкил этилишини қўллаб-қувватлашларини маълум қилишди”, дейилади хабарда.
Қозоғистон энергетика вазирлиги ушбу станция Марказий Осиё мамлакатларини электр энергияси билан таъминлаши ва минтақанинг сув таъминотини барқарорлаштиришини маълум қилди.
Қирғизистон энергетика вазирининг сўзларига кўра, ГЭС қурилиши Бишкекка электр тақчиллиги муаммосини ҳал қилиш ва ҳатто уни экспорт қилиш имконини беради.
Қайд этилишича, Қирғизистон расмийларининг Қамбар-Ота ГЭС-1 дан умиди катта. Унинг қуввати 1860 мегаватт бўлиши кутилмоқда, шунингдек, йилига 5 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган.