Сурхон давлат қўриқхонасида тоғ сувсари тасвирга олинди

Сурхон давлат қўриқхонасида ўтказилган охирги саноқ натижаларига кўра, тоғ сувсари қўриқхона ҳудудида 20 бошни ташкил қилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 янв — Sputnik. Сурхон давлат қўриқхонаси ҳудудида тоғ сувсари тасвирга олинди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси хабар берди.
Сурхон давлат қўриқхонасида ўтказилган охирги саноқ натижаларига кўра, тоғ сувсари қўриқхона ҳудудида 20 бошни ташкил қилади.
Тоғ сувсари сут эмизувчилар синфига мансуб бўлиб, мамлакатнинг тоғ тизмаларида, жумладан, Кўҳитанг тоғ тизмаларининг ёнбағирларида, пастки текисликлари ва арчазорларида яшаши кузатилади.
Катталиги мушукдек келадиган тоғ сувсарининг тана узунлиги 50 см, думи 25-35 см.
Сувсарнинг танаси чўзинчоқ, кучли ва эгилувчанлиги хавфли қоялар ва дарахтларнинг устида бемалол ҳаракат қилишига имкон беради. Қисқа, бақувват оёқлари ва ўткир тирноқлари ов қилиш жараёнларида асосий қурол вазифасини ўтайди.
Сувсар сийрак жонивор бўлиб, қояли дараларда, тошлар орасида, вайроналарда, баргли ва игна баргли ўрмонларда яшайди.