ТОШКЕНТ, 5 янв — Sputnik. Кеча, 4 январь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг Чимён тоғликларида тақиқланган ҳудудда чанғи учган Россия фуқароси қор уюмлари остида қолиб, ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазирликка кўра, 4 январь куни соат 13:20 ларда Бўстонлиқ тумани Чимён тоғ ёнбағирларига дам олиш ва чанғи учиш мақсадида чиққан 61 ёшли Россия фуқароси қор кўчкиси хавфи тўғрисидаги огоҳлантиришларга қарамай, тақиқланган ҳудудда чанғи учиб, қор кўчкиси хавфини юзага келтирган ва қор уюмлари остида қолиб ҳалок бўлган.
Зудлик билан ҳодиса жойига Тошкент вилояти ФВБ Бўстонлиқ тумани ихтисослашган кўп тармоқли бошқармаси Чимён қутқарув отряди қутқарувчилари етиб борган. Олиб борилган қидирув ишлари давомида чанғи учувчисининг жасади қор уюмлари остидан чиқариб олинган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги барча дам олувчилардан техник хавфсизлик қоидаларига риоя қилишни, тақиқланган ҳудудларда чанғи учмасликни ва эҳтиёткорлик чораларини кўришни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, Чимён тоғликларида 2-4 январь кунлари қор кўчкиси хавфи эълон қилинганди.