ТОШКЕНТ, 4 янв — Sputnik. 2 январь куни Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Урганч аэропортларида солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган Tax Free хизмати шохобчалари тест режимида иш бошлади. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Tax Free тизими хорижий фуқароларга Ўзбекистонда чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлардан айрим турдаги товарларни харид қилишда тўланган ҚҚС суммаларини қайтаришни назарда тутади. Кешбэк тўланадиган товарлар рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 ноябрдаги қарорида белгиланган. Бу сувенирлар, ёнғоқлар, мевалар ва қуритилган мевалар, чарм ва мўйнали маҳсулотлар, гиламлар, текстиль маҳсулотлари ва бошқалар.
ҚҚС тўловини қайтариш учун “Soliq” мобил иловасида рўйхатдан ўтиш ва у орқали харидлар учун олинган чекларни сканерлаш лозим. Аэропортдан жўнаб кетаётганда, йўловчи рейсга рўйхатдан ўтиши, сўнгра Tax Free хизматига бориб бортга чиқиш талони ва товарнинг ўзини кўрсатиши керак. Рўйхатдан ўтган товарларни қўл юкида ташиш учун қолдириш ёки рўйхатдан ўтиш жойига қайтиб, багаж сифатида рўйхатдан ўтказиш мумкин.
Tax Free хизматидан фойдаланиш учун сотиб олинган товарларнинг умумий суммаси 1 миллион сўмдан юқори бўлиши лозим. Бундан ташқари, маҳсулот очилмаган ва ишлатилмаган бўлиши керак. Солиқ қўмитаси ходимлари товарларнинг барча мезонларга мувофиқлигини текширгандан сўнг, кешбэкни расмийлаштиради. Турли тоифадаги товарлар учун йўловчи ҚҚС суммасининг 90 фоизигача қисмини кешбэк сифатида қайтариб олиши мумкин. Кешбэк йўловчининг картасига расмийлаштирилади ва рўйхатдан ўтган ойдан кейинги ойнинг 25 кунидан кейин тўлаб берилади.