Туркия ўз қўшинларини Суриядан олиб чиқишга рози бўлди – ОАВ

Музокараларда Сурия шимолидаги М4 автомагистрали бўйича 2020 йилги келишувнинг амалга оширилиши ҳам муҳокама қилинган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 дек - Sputnik. Расмий Анқара Туркия, Сурия ва Россия мудофаа вазирларининг Москвада бўлиб ўтган учрашувидан сўнг ўз қўшинларини Сурия ҳудудидан олиб чиқишга рози бўлди. Бу ҳақда РИА Новости Суриянинг “Ал-Ватан” газетасига асосланиб хабар берди.
Аввалроқ РФ Мудофаа вазирлиги Россия, Сурия ва Туркия мудофаа вазирлари шу ҳафта Москвада Араб Республикасидаги инқирозини ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилиш учун уч томонлама музокаралар ўтказди, деб хабар берганди. Вазирликнинг аниқлик киритишича, “учрашув якунлари бўйича томонлар ушбу форматда ўтказилган мулоқотнинг конструктив характерини ҳамда Араб Республикаси ва бутун минтақадаги вазиятни янада барқарорлаштириш йўлида уни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар”.
Ҳарбий идоралар раҳбарларининг Москвадаги музокаралари Анқара ва Дамашқ ўртасидаги сўнгги 11 йилда зтказилган илк расмий музокара бўлди, деб ёзади Hürriyet газетаси.
“Ал-Ватан” манбаларидан бирига кўра, уч давлат вазирларининг Москвадаги учрашуви натижаларидан бири Туркиянинг Сурия шимолида назоратига олган ҳудудлардан тўлиқ чиқиб кетишига келишиб олгани бўлган.
Манбанинг таъкидлашича, томонлар Сурия шимолидаги М4 автомагистрали бўйича 2020 йилги келишувнинг амалга оширилишини ҳам муҳокама қилган.
Шунингдек, томонлар Туркияда тақиқланган Курдистон ишчилар партияси (КИП) тузилмалари “Исроил ва АҚШнинг агентлари бўлиб, Туркия ва Сурия учун энг катта хавф туғдираётганини” таъкидлаган.