Путин: Россия-Хитой муносабатлари - барқарор ҳамкорлик намунасидир

Ўсиб бораётган геосиёсий кескинлик шароитида Россия-Хитой стратегик ҳамкорлигининг барқарорлаштирувчи омил сифатидаги аҳамияти ортиб бормоқда, дейди Путин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 дек — Sputnik. Россия Федерацияси ва Хитой ўртасидаги муносабатлар тобора кучайиб бораётган геосиёсий кескинлик шароитида етуклик ва барқарорликни намойиш этмоқда, мамлакатлар ўртасидаги алоқалар ХХI асрда йирик давлатлар ҳамкорлигининг намунасидир. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Хитой етакчиси Си Цзиньпин билан музокараларда таъкидлади.
“Ўсиб бораётган геосиёсий кескинлик шароитида Россия-Хитой стратегик ҳамкорлигининг барқарорлаштирувчи омил сифатидаги аҳамияти ортиб бормоқда. Бизнинг муносабатларимиз барча синовларга муносиб қаршилик кўрсатмоқда, етуклик ва барқарорликни намойиш этмоқда, жадал ривожланишда давом этмоқда. Юқорида таъкидлаганимиздек, бу ришталар бутун тарихдаги энг яхши алоқалар бўлиб, ХХI асрда йирик давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик намунасидир”, деди Путин.
Шунингдек, у Си Цзиньпинни Хитой Коммунистик партияси 20-съезди муваффақиятли ўтгани ва шахсан Си Цзиньпинни Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси бош котиби лавозимига қайта сайлангани билан табриклади.
“Сизнинг раҳбарлигингиз ва Хитой Коммунистик партиясининг етакчи роли билан мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши таъминланмоқда, унинг жаҳон миқёсидаги мавқеи мустаҳкамланмоқда”, деди Путин.
Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг Россиядаги элчиси Чжан Ханьхуэй Россия ва Хитой ўртасидаги ўзаро ёрдам ва қўллаб-қувватлаш 2022 йилда кучайганини айтган эди.