ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Сурхон давлат қўриқхонасида бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида турган Бухоро тоғ қўйлари тасвирга олинди. Бу ҳақда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабар берди.
Бу жониворлар асосан Кўҳитанг, Бойсунтоғ, Ҳисор, Боботоғ тоғ тизмаларида учраши кузатилади.
"Ўтказилган сўнгги саноқ натижаларига кўра, қўриқхонада 97 бош Бухоро тоғ қўйи аниқланган”, - дейилади хабарда.
Бухоро тоғ қўйлари одатда, денгиз сатҳидан 800-2500 метр баландликдаги тоғ тизмаларида ва сийрак арчазорларда яшайди. Қизил китобга киритилган Бухоро қўйлари пода бўлиб яшайди ва мавсумий кўчиб юради.