Қиз фарзандни, онани ўқитсак, жамиятни ўқитган бўламиз – президент

Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев янги ўқув дарсликлари тақдимотида қиз фарзандлар ва аёлларни ўқитиш муҳимлигини қайд этди.
“Болаларни ким тарбия қилади? Албатта, аёллар. Шунинг учун биз қизларимизни, оналаримизни ўқитишимиз керак. Шунда жамиятни ўқитган бўламиз”, - деди давлат раҳбари.
Таъкидланишича, сўнгги 5 йилда мингта мактаб қурилган. 7 миллионта компьютер синфларини ташкил этилган. Бу каби ишларга 14 триллион маблағ ажратилган.
“Бу ҳозирги шароитимиз учун катта маблағ. Лекин таълим учун берсак арзийди. Бу бизнинг келажагимиз” – Мирзиёев.
Президент 1 январдан бошлаб 14 та ҳудудда янги дарсликларни тажриба асосида ўқитилишини айтди.
“Кейинги босқичда 5–11-синфлар учун ҳам дарсликлар ишлаб чиқамиз. Мурожаатномада айтилганидек, ҳар бир мактаб битирувчиси иккита тилни билиши ва битта касб ўрганиши керак. Ҳозир 22 та фан бор мактабларда. Энди эса ёшларга креатив соҳаларда дарс беришимиз керак. Фанларни ҳам, дарс соатларини ҳам кўриб чиқишимиз керак”, — деди давлат раҳбари.