Мирзиёев ўқитувчиларга: маошингизни оширдик, келажакда яна кўпайтирамиз

Давлат раҳбари келгуси йили таълимга оид ҳам кўплаб қарор, фармонлар чиқишини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Ўзбекистон келажакда ўқитувчилар маошини яна оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев янги авлод ўқув дарсликлари тақдимотида сўзлаган нутқида маълум қилди.
“Хўш, бу янги дарсликларни фарзандларимизга ким етказади? Албатта муаллим! Мен бекорга муаллимнинг обрўсини кўтариш ҳақида такрор-такрор гапирмайман. Бугунги глобаллашув даврида таълим, келажак авлод баркамоллиги қай даражада муҳимлигини янаям кучлироқ англаб етяпмиз”, - деди давлат раҳбари.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, таълим соҳасида катта ислоҳотлар режалаштирилган. Ҳар қанча қийин бўлмасин фарзандлар учун бу ислоҳотларни амалга ошириш учун ҳаракат қилиш шарт.
“Бугунги интилувчи болалар келажакда сизнинг олтин фондингизга айланади. Уларнинг ютуқларидан фахрланасиз”, - дея юзланди ўқитувчиларга президент.
Давлат раҳбари 2023 йил номи бежизга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” деб эълон қилинмаган. Таълим масаласи президентнинг доимий диққат марказида бўлади
“Маошларингизни оширдик, лекин бу билан тўхтаб қолмаймиз. Имкониятимиз бўлиши билан яна кўпайтирамиз”, - деди Мирзиёев.
Келгуси йили таълимга оид ҳам кўплаб қарор, фармонлар чиқади. Шунингдек, мактаб ўқитувчилари учун ипотека кредитларини камайтириш режада бор.
Давлат раҳбари айрим фанларни қисқартириш, замонавий фанларни эса кўпайтириш таклифини берди.
“Агар бирор фан замонавийликдан ортда қолса, уни сақлаб туришда нима маъно бор? 10 мингдан ортиқ мактабдан 842 тасининг бирорта битирувчиси олий ўқув юртига кира олмаган. Буни қандай баҳолаш мумкин? Биз "Болалар ёмон бўлиб кетди" деган фикрдан воз кечишимиз керак. Ўзимизга савол қўяйлик – уларни яхши қилиш учун нималар қилдик?! Барибир улар ўзимизнинг фарзандларимиз. Сизлар билан бир тану бир жон бўлиб, жонажон Ўзбекистонимизнинг келажаги ҳақида ўйлашимиз шарт”, — деди Шавкат Мирзиёев.