“Тошкент-Душанбе” автомобиль йўли ёпилди: қайси айланма йўллардан фойдаланиш мумкин?

Бу автомобиль йўлининг 82-километрида жойлашган йўл ўтказгич таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 дек — Sputnik. Сирдарё вилояти ҳудудидан ўтган “Тошкент-Душанбе” автомобиль йўли транспорт ҳаракати қисман чекланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 1976 йилда фойдаланишга топширилган М-34 “Тошкент-Душанбе” автомобиль йўлининг 82-километрида жойлашган йўл ўтказгич таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Ҳозирда йўл ўтказгичда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Бу носозликлар бартараф этилгунга қадар Тошкент шаҳридан қўшни вилоятларга ўтиш Сирдарё туманидаги айланма йўл орқали амалга оширилмоқда.
“Тошкент-Душанбе” автомобиль йўли
Унга кўра, барча транспорт воситалари ҳаракати вақтинча мазкур йўлга йўналишдош бўлган М-39 “Тошкент — Термиз” автомобиль йўлининг 873-882 километри ва давлат аҳамиятидаги 4Р-29 “М34 автойўли — М39 автойўли — Қозоғистон чегараси” автомобиль йўлининг 0-7 километрдаги қисми орқали ташкил этилади.
Ҳозирда барча йўналишларда ЙПХ постлари ташкил қилиниб, ҳаракат хавфсизлиги тўлиқ таъминланган.