ТОШКЕНТ, 28 дек — Sputnik. Россия Қуролли кучлари ҳарбийлари Донецк халқ республикасида (ДХР) Украинанинг қўпорувчи разведка гуруҳини йўқ қилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили, генерал-лейтенант Игорь Конашенков маълум қилди.
“Донецк халқ республикасининг Владимировка аҳоли пункти йўналишида ҳаракат қилаётган Украина Қуролли кучларининг қўпорувчилик-разведка гуруҳи йўқ қилинди”, - деди у.
Шунингдек, Россия Қуролли кучлари Жанубий-Донецк йўналишида Украина армиясининг 72-механизациялашган бригадаси бўлинмаларини ҳамда ДХРнинг Угледар шаҳри яқинида хорижий ёлланма аскарларни йўқ қилди. Натижада 70 нафардан ортиқ украиналик аскарлар, бешта зирҳли жанговар машина ва иккита пикап яксон қилинган.
Бундан ташқари, Донецк йўналишида Россия Қуролли кучлари 80 нафардан ортиқ украиналик ҳарбий хизматчи, битта танк, тўртта зирҳли жанговар машина ва бешта автомобилни йўқ қилди.
Россия 24 февралдан буён Украинада махсус ҳарбий операция олиб бормоқда. Россия президенти Владимир Путин унинг асосий вазифасини “Киев режими томонидан саккиз йил давомида таҳқирлаш, геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш” деб атаган. Мамлакат Қуролли кучлари олдида Донбассни озод қилиш ва Россия хавфсизлигини кафолатлаш турибди.